Ижтимоий тармоқларда энг кўп муҳокама бўлаётган саволлар

1-синфга электрон қабул барча мактабларда амалга ошириладими?

Жорий йилдан бошлаб талаб юқори бўлган мактабларга қабул Давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилади. Мазкур қабул механизми бу йил Тошкент шаҳридаги 81 та мактабларда татбиқ этилади. Мактаблар рўйхатини qabul.uzedu.uz манзилидан топишингиз мумкин. Қолган мактабларда 1-синфга қабул Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги “Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори асосида амалга оширилади.

2. Болани электрон қабул асосида жойлаштириш учун қаерга мурожаат этиш мумкин?

Тошкент шаҳридаги барча туманларда ташкил этилган Давлат хизматлари маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат этишлари мумкин.

3. Микроҳудудда жойлашган бўлса ҳам электрон қабул асосда жойлаштириладими?

Тегишли йилнинг 1 январидан 31 декабрга қадар 7 ёшга тўладиган болалар микроҳудудда жойлашган мактабга қабул қилинади. Яъни, бу йили 2012 йилда таваллуд топган болалар 1-синфда ўқишлари мумкин бўлади. Психолог ва педагогларнинг фикрларига кўра, 6 ёшли боланинг мактабда таълим олиши бироз эрта.

4. Электрон қабул тартиби юқори синфларга ҳам қўлланиладими, яъни бир мактабдан бошқасига ўтказилганда ҳам амалга ошириладими?

Болаларни давлат умумтаълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти фақат пойтахтимиздаги 81 та мактабнинг 1-синфига қабул жараёнини тартибга солади. Бу ҳужжат ўқувчиларни бир синфдан иккинчисига ёки бир мактабдан бошқасига ўтиш жараёнини тартибга солмайди.

5. Микроҳудудда таълим рус тилида олиб бориладиган мактаб йўқ бўлса ота-оналар қандай йўл тутиши керак?

Ҳозирда мактабларда таълим рус тилида таълим олиб бориладиган синфлар ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Рус тилида таълим олиб бориладиган синфни очиш имконияти бўлмаган холларда, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ота-оналар мурожаат қилганда уларни бепул бошқа мактабларга йўналтиради.

6. Микрохудуддан ташқари кимларга имтиёз белгиланган?

Болаларни давлат умумтаълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига кўра, 81 та умумтаълим муассасаларига болалар асосий квота асосида қабул қилинади. Туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан умумтаълим муассасаларига бириктирилган микроҳудудда истиқомат қилаётган фуқароларнинг (тегишли йилнинг 31 декабрига қадар 7 ёшга тўладиган) фарзандлари, отаси ёки онаси I гуруҳ ногирони бўлган ҳамда етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сонини инобатга олган ҳолда асосий квота шакллантирилади.